O`zbekiston Energetika Haftaligi - UEW 2026

12 - 14 may 2026, CAEx / O`zbekiston

Yangiliklar

Ўзбекистонликлар уч ойда қуёш электр энергиясини сотишдан 73,9 млрд сўм даромад олди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 9 баробар кўп

2026 йилнинг январь-март ойларида аҳоли ўз хонадонларида ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини тармоққа сотиб, 73,9 млрд сўмдан ортиқ даромад олди, деб хабар беради Солиқ қўмитаси. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 9 баробар кўп,

Маълумотларга кўра, I чорак якунлари бўйича 45,2 минг нафар жисмоний шахс «Қуёшли хонадон» дастури доирасида 73 млрд 982 млн сўм субсидия олган, шундан 45,5 миллиарди март ойига тўғри келди (44,7 минг нафар фуқарога тўланган).

2025 йилнинг I чорагида 12 746 нафар фуқаро 8 млрд 147 млн сўм субсидия олган эди. Шу тариқа, бир йил ичида субсидия олувчилар сони қарийб 3,5 баробарга, тўланган маблағ ҳажми эса 9 баробарга яқинга ошган.

Ҳудудлар кесимида энг катта субсидия ҳажми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган — 16,5 млрд сўм. Кейинги ўринларда Хоразм вилояти (13,3 млрд сўм) ва Қашқадарё вилояти (9,1 млрд сўм) қайд этилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 7,6 млрд сўм, Навоий вилоятида 5,9 млрд сўм, Самарқанд вилоятида 3,9 млрд сўм субсидия тўланган. Бошқа ҳудудларда бу кўрсаткичлар 1 млрд сўмдан 4 млрд сўмгача бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 апрелдан «Қуёшли хонадон» дастури доирасида хонадонига қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларга қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган ва ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт/соати учун 1000 сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган.

Субсидияни «Солиқ» мобил иловаси «Кешбек ва имтиёзлар» хизматининг «Қуёшли хонадон» бўлимидаги «Картага пул ўтказиш» ойнаси орқали банк картасига ўтказиб олиш мумкин.

Маълумот учун, 2025 йилда Ўзбекистонда 45,3 минг жисмоний шахс электр тармоқларига узатилган қуёш энергияси учун давлат бюджетидан 209,2 млрд сўм субсидия олган. Жами 268,7 мингта субсидия расмийлаштирилган, шундан 16,3 мингтаси — декабрда. Энг кўп тўловлар Хоразм, Қорақалпоғистон ва Бухоро аҳолисига тўланган.

Manba

HAMKORLAR